Хоразм вилояти ИИБ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули вилоят марказидан энг олис ҳудудда ўтказилди
2025 йил 9 ноябрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан аҳолининг муаммоларини жойида ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш ҳамда фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Бу галги сайёр қабул вилоят марказидан 170 километр узоқликда жойлашган чекка ҳудуд — Тупроққалъа туманининг Тупроққалъа массивида ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади — аҳолининг мурожаатларини тўғридан-тўғри тинглаш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини тезкорлик билан таъминлашдан иборат бўлди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан ички ишлар органлари фаолиятига оид, шунингдек, ижтимоий, меҳнат ва ҳуқуқий йўналишлардаги мурожаатлар билдирилди. Раҳбарият ҳар бир мурожаатни синчиклаб тинглаб, айрим масалалар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берди. Қўшимча ўрганишни талаб этган мурожаатлар эса тегишли бўлинмалар раҳбарларига топширилиб, назоратга олинди.
Сайёр қабул якунланганидан сўнг, Тупроққалъа массивида жойлашган хонадонларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, аҳолининг ижтимоий аҳволи, шунингдек, ҳудудда жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар манзилли тарзда ўрганилди. Масъул ходимларга аниқланган масалалар юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Мазкур сайёр қабул аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва профилактика тизимидаги ишларни такомиллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда энг чекка ҳудудлардаги фуқароларнинг ҳам мурожаати ва уларнинг манфаатлари доимо эътиборда десак муболаға бўлмайди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати