Кун қаҳрамони: Норметов Руслан Ўктамбоевич
1987 йили Шовот туманидаги Қангли қишлоғида туғилган. 2012 йили ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсини якунлаб, Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ алоҳида отряди 4-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори вазифасида хизмат фаолиятини бошлаган. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб вилоят ИИБ ЙҲХБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ЙПХ инспектори вазифасида хизмат қилмоқда.
Катта сержант Руслан Норметов жорий йилнинг ўтган даврида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаган 1244 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган. Шундан 157 нафари қувиб ўтиш қоидасини бузган, 119 нафари транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқарган, 61 нафари транспорт воситаси ойналарининг тусини ўзгартирган билан боғлиқ қоидабузарликлар содир этган ҳайдовчилардир.
...Гурлан тумани ҳудудида хизмат вазифасини бажараётган катта сержант Руслан Норметов йўл четида “ВАЗ-2103” русумли автомашина ёнида безовта ҳолда турган кекса кишини учратиб қолади. Ўзини Давлатёр деб таништирган отахон келинини туғруқхонага олиб бораётганини, аксига олиб автомашинаси бузилиб қолганини айтади. Қаҳратон қиш. Автомашиналар ҳаракати деярли тўхтаган. ЙПХ инспектори дарҳол отахон ва унинг келинини хизмат автомашинасига ўтирғизиб, туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига олиб борди. Ўз вақтида кўрсатилган беғараз ёрдамдан хурсанд бўлган Давлатёр ота унга миннатдорлик билдирди.
Лавҳамиз қаҳрамони хизмат фаолияти давомида бу каби кўплаб воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўлганлигини, холис ният билан қилинган ҳар қандай эзгу ва хайрли иш инсон ҳаётининг безаги бўлишини алоҳида таъкидлайди.
Зиммасидаги вазифаларни масъулият билан бажараётган ЙПХ инспектори, катта сержант Руслан Норметов бошқарма раҳбарияти томонидан бир неча бор рағбатлантирилган.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.
Хоразм вилояти.