Расмий баёнот: Ижтимоий тармоқ орқали ташкил этилган “AIF” платформаси бўйича жиноят иши қўзғатилди
Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига бир гуруҳ фуқаролар томонидан қилинган мурожаатга асосан, ижтимоий тармоқлардаги “AIF” платформасининг фаолияти ўрганилди. Ўрганиш жараёнида ушбу платформа айни пайтда ўз фаолиятини номаълум сабабга кўра тўхтатганлиги ва мурожаат қилувчи шахсларга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Шундан келиб чиқиб, 3 сентябрь куни мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддасини 3-қисми “а,в” бандлари (Пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноий ҳодисани ва жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларни аниқлаш, шунингдек тергов жараёнини тез ва сифатли амалга ошириш мақсадида вилоят ички ишлар органларининг малакали терговчиларидан иборат тергов гуруҳи тузилди.
Хозирда тергов гуруҳи томонидан мазкур жиноят иши доирасида жабрланувчилар сони ва уларга етказилган зарар миқдорини аниқлашга киришилган.
Шу боис, ушбу платформа натижасида моддий зарар кўрган шахслардан Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига мурожаат қилишларини сўраймиз.
Мурожаат учун телефон: 62 224-56-81; 62 224-56-85;
Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси