11 Июл 2021 йил 513

1,2 кг “опий” гиёҳвандлик воситаси 30 000 АҚШ долларига баҳоланганди

Жорий йилнинг 1 май кунидан 30 июнь кунига қадар республикамизда “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи бўлиб ўтди.

Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан мазкур ойлик доирасида олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан шуғулланиб келган бир неча шахсларнинг жиноий қилмишига чек қўйилди.

Хусусан, жорий йилнинг 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тадбир натижасида жуда кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини ноқонуний сотишга уринган шахс қўлга олинди.  

Елим идиш (баклажка)га солинган “опий” гиёҳвандлик воситасини 30 000 АҚШ долларига сотишни мақсад қилган, Қўшкўпир туманида яшовчи, 33 ёшли А.Х. 24 июнь куни Урганч шаҳрида ҳаридор билан учрашиб, унга “заҳри қотил”ни бериб, келишилган суммадаги 30 000 АҚШ долларини олган пайтида тезкор ходимлар томонидан жиноят устида ушланди. Умумий вазни 1,2 кг бўлган “опий” гиёҳвандлик воситаси жиноят иши юзасидан ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.  

Юқоридаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гиёҳвандлик - умр заволи ва тараққиёт кушандасидир, шу боис кундалик ҳаётингизга гиёҳвандлик воситалари кириб келишига йўл қўйманг.

  Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech