“ТАНЛОВГА МАРҲАМАТ”
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ АКАДEМИЯСИ БАКАЛАВРИАТИНИНГ КУНДУЗГИ ТАЪЛИМ ШАКЛИ “РАҚАМЛИ ТEХНОЛОГИЯЛАР СОҲАСИДА ЖИНОЯТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ ФАОЛИЯТИ” ЙЎНАЛИШИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА НОМЗОДЛАРНИНГ ҚЎШИМЧА ТАНЛОВИНИ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ
Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан ИИВ Академияси бакалавриатининг кундузги таълим шаклига “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналишига умумий ўрта, ўрта махсус ёки профессионал маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг шахсий ҳужжатлари расмийлаштирилади.
Кимлар ўқишга қабул қилинади?
Академияга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом”да белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.
Номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, 17 ёшдан кичик (қабул йилида 17 ёшга тўладиганлар) ва 25 ёшдан катта бўлмаслиги (шу жумладан, 25 ёшдагилар), умумий ўрта, ўрта махсус ёки профессионал маълумотга эга бўлиши керак.
Аризалар қачонгача қабул қилинади?
Номзодлардан аризалар 2025 йилнинг 15 июль кунидан 30 июль кунига қадар қабул қилинади.
Қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Номзоднинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;
анкета (маълумотнома);
ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси;
ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) жойидан тавсифнома;
доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан соғлиғининг ҳолати ҳақида белгиланган намунадаги маълумотнома (бўй-басти кўрсатилган ҳолда);
ота-онасининг Академияга ўқишга киришига розилик хати.
Ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
1) дастлабки танлов;
2) махсус касбий танлов;
3) якка тартибдаги якуний суҳбат.
Дастлабки танлов номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш, номзод тўғрисидаги турли маълумотлар, шунингдек, унинг соғлиги жиҳатдан ўқишга яроқлилигини аниқлашдан иборат.
Номзодлар ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.
Махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат ИИВ Академиясида бўлиб ўтади.
Махсус касбий танлов қуйидагилардан иборат:
ҳужжатларни ўрганиш;
тиббий кўрикдан ўтказиш;
математика, информатика ва ахборот технологиялари фанларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.
Махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтган номзод якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилади. Якка тартибдаги якуний суҳбат ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи, тарбия фанлари бўйича ўтказилади.
Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида Академияга ўқишга қабул қилинади.
Кимлар имтиёз билан ўқишга қабул қилинади?
Халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари, шунингдек, вазирлик академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиблари дастлабки ва махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинади.
Шунингдек, математика, информатика, дастурлаш ва ахборот технологиялари бўйича нуфузли халқаро, минтақавий ҳамда республика олимпиадалари совриндорлари дастлабки танловдан муваффақиятли ўтгач, Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига кўра, белгиланган қабул квоталари доирасида якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинади.
Манзил: ИИВ Хоразм академик лицейи.
Мурожаат учун телефон: 62-220-42-05