7 Март 2021 йил 625

"8 март – Хотин қизлар куни" байрами муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

Жамиятнинг барча соҳаларидаги каби ҳуқуқ-тартибот органларида хизмат қилувчи хотин-қизлар сони ортиб бораётгани қувонарли ҳолдир.

Шу билан биргаликда хотин-қизлар учун муносиб иш шароитини яратиш ҳамда уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Урганч шаҳридаги тантаналар мажмуасида "8 март – Халқаро хотин-қизлар куни" муносабати билан уюштирилган байрам кечасига Хоразм вилояти ички ишлар органлари ва прокуратура тизимида фаолият олиб бораётган барча хотин-қизлар ва соҳанинг фахрий аёллари ҳамда хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари таклиф этилди.

Байрам тантанасида Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов ва вилоят прокурори адлия катта маслаҳатчиси Б.Б.Қудратхўжаев сўзга чиқиб, иштирокчиларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан самимий муборакбод этдилар.

Шунингдек сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи асосан тақдирланган бир гуруҳ ходималарга мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, хизматда юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган хотин-қизларнинг оналари ҳам байрам кечасига таклиф этилди ва уларга фарзандини намунали тарбиялагани учун миннатдорчилик билдирилиб, байрам совғалари топширилди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва жозибадор рақслар байрам тантанасига ўзгача завқ бахш этди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech