Адашганни тўғри йўлга бошлаш халқимизга хос бўлган ҳислатдир
Сўнгги йилларда жамиятимизнинг барча соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳуқуқий давлат тузилишининг энг муҳим жиҳатларидан бири сифатида мазкур тизимни янада либераллаштиришда ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судида бўлиб ўтган, суд муҳокамасида аниқланган ҳолатларга кўра, маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келган Темур Хўжаназаров (исм-шарифи ўзгартирилган) 2020 йилнинг апрель ойида шу маҳаллада яшовчи фуқаро Г.Олланазаровани қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қуриладиган арзон уй-жой олиш юзасидан мурожаатини туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришига ишонтириб, 400 АҚШ долларини талаб қилган ва келишилган пулларни фирибгарлик йўли билан олаётган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан жиноят устида ушланган ҳамда дастлабки тергов ва суд даврида эҳтиёт чораси сифатида “қамоқ”да сақланган.
Маҳалла фуқаролар йиғини собиқ раисининг жиноий қилмишини судда кўриб чиқиш жараёнида у ўз айбига тўла иқрорлик ва пушаймонлик билдириб, эхтиёт чорасида сифатида қамоқда сақланган пайтида ўзининг хатти-ҳаракатлари нотўғри бўлганлигини чуқур англаб етганлигини баён қилди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25-168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28-211-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган Т.Хўжаназаровга нисбатан жазо тайинлашда пушаймонлиги билан биргаликда, оилавий аҳволи, қарамоғида турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, маҳалла фаоллари ва нуронийларининг кафолат хатлари ҳамда Халқ депутатлари туман кенгаши депутатларининг илтимосномалари эътиборга олиниб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, суд залидан озод қилинди.
Давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Т.Хўжаназаровнинг оиласи, фарзандлари даврасига қайтганлиги унинг учун унутилмас байрам туҳфаси бўлди десак муболаға бўлмайди.
Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди судьяси
М.Рузметов