Қалбаки пулларнинг муомалага киритилишини олди олинди
Қалбаки пул ва валюта қимматликларини ясаш ва ўтказиш давлат иқтисодиётига жиддий зиён етказувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу боисдан ҳам қалбаки пулларни ясаш ва ўтказиш қонун билан таъқиб қилинади.
Янгиариқ туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган, Ш.Б. туманидаги суратхоналардан бирида сураткаш бўлиб ишлаб келаётган эди.
Аммо сўнгги кунларда унга меҳнат қилмасдан пул топиш истагими ёки ўзининг маҳоратини янги йўналишларда синаб кўриш истагими (бунга тергов ва суд жараёнида аниқлик киритилади) тинчлик бермади.
У шу кунгача суратларни чоп этишда фойдаланиб келган рангли принтерида ҳеч иккиланмасдан 10 000 сўмлик купюрадаги пулларни оддий ёзув қоғозига чоп қилди ва ўзининг уддабуронлигидан хурсанд бўлиб қалбаки пулларни олиб ҳарид учун дўконга чопди.
Сотилган маҳсулот учун иккита 10 000 сўмлик купюрани олган сотувчи пулларни ҳақиқий эканлигига шубҳаланиб, ички ишлар бўлимига хабар берди.
Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирувлар жараёнида Ш.Б.нинг ёнида яна тўртта 10 000 сўмлик купюрадаги қалбаки пуллар борлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати