18 Декабр 2020 йил 685

Қатъий тартиб-интизом фаолиятимиз негизини ташкил қилади

Халқимиз ички ишлар органларининг ходими сиймосида ўзининг ҳақиқий ҳимоячисини кўриши керак. Бу эса ўз навбатида ички ишлар органлари ходимларидан доимий равишда намунавий интизомли ва шахсий талабчан бўлишни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси вакили подполковник  Р.Усманов ва мазкур бошқарманинг Хоразм вилояти бўйича ҳудудий бўлими бошлиғи подполковник Қ.Ўринбаевлар томонидан вилоят ИИБ ва унинг таркибий ҳамда ҳудудий тузилмалари шахсий таркиби иштирокида  йиғилишлар ўтказилди.

Ушбу йиғилишлардан кўзланган асосий мақсад шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя этилиши таъминлашдир.

Вазирлик масъул вакили ўз сўзида ҳар бир ходим хизмат фаолиятини тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб бориши, ходимлар хизмат пайтида ёки хизматдан ташқари пайтда бўлишидан қатъий назар фуқароларга нисбатан юксак маънавиятини кўрсатиши лозимлигини уқтириб ўтди.

Шунингдек йиғилиш иштирокчилари эътиборига жорий йил давомида республикамиз ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир қилинган жиноятлар тафсилоти етказилди, ҳамда ушбу  ноҳуш ҳолатларнинг ички ишлар органлари имиджига салбий таъсири тушунтириб ўтилди. Келгусида коррупцион ҳолатларга қўл урган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши, коррупцияга мойил ходимлар эса ички ишлар органлари сафидан четлатилиши айтилди.

Шу билан биргаликда йиғилиш давомида ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech