4 Май 2021 йил 529

Аждодлар жасорати авлодлар хотирасида мангудир

Хоразм вилоятида Баҳодир Матирзаев исмини эшитган ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида мардлик, жасурлик ва қаҳрамонлик гавдаланади.

Ҳа, капитан Баҳодир Матирзаев Хоразм вилояти ички ишлар органларидаги хизмати давомида, 1998 йилнинг декабрь ойида юртимиздаги тинчликка раҳна солишга уринган жиноий унсурларни аниқлаш ва уларни зарарсизлантириш пайтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган эди.

Ўтган йиллар давомида халқимизнинг хохиш-иродасини инобатга олган ҳолда Баҳодир Матирзаевнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, капитан Баҳодир Матирзаев яшаган маҳалла бугунги кунда унинг номи билан аталади. Фарзанди отасининг изидан бориб, ички ишлар органларида хизмат қилиб келмоқда.

Жорий йил Ҳазорасп тумани ИИБ ташаббуси билан тумандаги 23-сон умумтаълим мактабида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида капитан Баҳодир Матирзаевнинг ўчмас хотирасига бағишлаб “Қаҳрамонлар номи барҳаёт” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Капитан Баҳодир Матирзаев билан бирга хизмат қилган хизматдош дўстлари, Ҳазорасп тумани ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркиби томонидан унинг  жасорати ва қаҳрамонлиги тўғрисида билдирилган фикрлар, юрт тинчлиги йўлида ўз жонидан кечган мард ўғлонларнинг хотирасига нисбатан ҳурматни акс эттириши билан биргаликда, ёш авлоднинг қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириши шубҳасиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech