9 Июн 2020 йил 1153

Бир миллиард сўм талаб қилганди....

Инсофи меъёр доирасидан чиққан айрим кимсаларга нисбатан “нафси ўпқон экан” деган ибора ишлатилади.

Урганч шаҳрида яшовчи, 1978 йилда туғилган фуқаро Б.Ж.нинг нафсига таъриф беришда юқоридаги иборага қўшимча равишда “фантастик даражада” қўшимчасини бемалол қўшса бўлади.

Чунки, Б.Ж. 2020 йил 31 май куни Урганч шаҳрида яшовчи фуқаронинг (тергов сири ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини инобатга олган ҳолда ушбу шахс тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмади) шахсий ҳаётига доир видеоматериалларни қўлга киритгач ўзининг нафс ўлчамини аён қилди.

Қўлидаги видеоматериалларни “даромад манбаи” деб билган Б.Ж. уни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига видеолавҳа “қаҳрамони”дан нақд 1 000 000 000 (бир миллиард) сўм пул талаб қилди.

Ўзининг шахсий ҳаётига оид маълумотлар кенг оммага тарқалиш хавфи олдида турган ушбу шахс ҳеч иккиланмасдан товламачининг талаби тўғрисида Хоразм вилояти ИИБ га ариза билан мурожаат қилди.

Б.Ж. ўзи талаб қилган  1 000 000 000 сўмнинг бир қисмини, яъни  90 миллион сўм пул ва 20 000 АҚШ долларини 2020 йил 4 июнь куни олаётган пайтида, Хоразм вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондор Б.Ж. эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech