Энг фаол ёшлар тақдирланишди
Жорий йилнинг 26-27 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда ички ишлар органлари ёш ходимларининг “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида биринчи Республика Ёшлар форуми бўлиб ўтди. Бунда Тошент шаҳри ҳамда барча вилоят ички ишлар органлари ёш ходимларининг энг илғор вакиллари иштирок этишди. Ёшлар форумида бўлиб ўтган интелектуал ўйинлари, спорт мусобақалари ҳамда турли маданий тадбирларда хоразмлик ёшлар ҳам фаол қатнашиб, ўз билим ва маҳоратларини намойиш этишди. “Энг фаол ёшлар етакчиси” номинациясида Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, капитан Азамат Нуруллаев 3-ўринни эгаллади. Жанговар ўқ отиш баҳсида эса тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими, сержант Фирдавс Бобожонов иштирок этиб, 3-ўринга муносиб топилди.
-Ёшлар форуми юқори савияда ўтди,-дейди Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, капитан Азамат Нуруллаев.-Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ёшлар қалбида Ватанга даҳлдорлик ҳиссини уйғотиш, ташаббускор ва истеъдодли ёшларнинг ўз иқтидорларини намоён этишларига имкон яратиш, ижтимоий фаол бўлмаган ёшларни турли соҳаларга йўналтириш бўйича амалга ошираётган ишларимиз алоҳида эътироф этилди ва ички ишлар вазирининг қўл соати билан тақдирландим. Бу эътироф мени янада ғайрат-шижоат билан хизмат қилишга ундайди.
Эсда қоларли воқеаларга бой бўлган биринчи Республика ёшлар форумида энг фаол, билимли, иқтидорли, маҳоратли ёшлар тадбир ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирланишди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.