Ёш ходимлар Хива шаҳрига саёҳат қилдилар
Очиқ осмон остидаги музей дея эътироф этиладиган Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” мажмуасининг бетакрор обидаларини кўриш учун дунёнинг деярли барча мамлакатларидан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Шу билан биргаликда сўнгги йилларда ички туризм ҳам анча ривожланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Касаба уюшмалари томонидан корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчиларининг республикамиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳати уюштирилмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ташаббуси билан вилоят ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ёш ходимларнинг Хива шаҳрига саёҳати ташкил этилди.
Хоразм вилояти ИИБ ташаббуси Ёшлар Иттифоқининг вилоят кенгаши томонидан қўллаб-қувватланиб, вилоят Божхона ва Миллий гвардия бошқармаларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ёш ходимлар ички ишлар органлари ходимларига ҳамроҳ сифатида таклиф этилди.
Ёш ходимлар Хиванинг тарихий обидалари билан биргаликда ўтмишда аҳоли тинчлигини сақлаш қай тарзда амалга оширилганлиги билан ҳам яқиндан танишдилар.
Мақсади юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги бўлган ходимлар Хива шаҳридан бир олам таассурот билан қайтдилар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати