31 Август 2020 йил 509

Ёшларга эзгулик йўлидан юришлари учун имкон берилди

Сўнги йилларда мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижасида жазо тайинлаш масаласи либераллаштирилиб, халқимизга хос бўлган адолат, кечиримлилик, бағрикенглик каби инсонпарварлик тамойиллари тадбиқ қилиниб келинмоқда.

Жумладан, куни кеча жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилишда айбланган шахсларга суд ҳукми ўқилди.

Иш ҳолатларига кўра, М.Қўчкаров, О.Юсупов ва Б.Кенжаев ўғирлик қилиш мақсадида ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, фермер хўжалигига қарашли кўчма уй ичида турган, И.Машариповга тегишли
500.000 сўмлик резина қайиқни, ҳамда бошқа бир кўчма уй ичида бўлган Б.Оллабергановга тегишли 700.000 сўмлик пайвандлаш аппаратини, орадан бир неча кун ўтиб, таниши Т.Хажиевни ҳам жалб қилган ҳолда, ўзаро жиноий тил бириктиришиб, ярим тунда мактаб ошхонасига ғайриқонуний равишда кириб, И.Матназаровага тегишли бўлган жами 630.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва 50.000 сўм пулларни, орадан бир ҳафта ўтиб, А.Қутлимуротов, О.Юсупов, Б.Кенжаев ва Т.Хажиевлар  такроран ўғирликка қўл уришга ахд қилишиб, М.Рўзимовнинг молхонасидаги 600.000 сўмлик бир бош қўчқори ва С.Ибрагимовнинг 900.000 сўмлик бир бош қўйини яширин равишда талон-тарож қилиб, ўғирланган мол-мулкларни ўзга фуқароларга арзон-гаровга сотиб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Ушбу беш нафар ёш йигитларнинг жиноий хатти-ҳаракатларини судда кўриб чиқиш жараёнида, уларнинг биринчи маротаба жиноят содир этганлиги, оилавий шароити, уйланмаганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги инобатга олиниб,  3 йилу 6 ойдан 5 йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинланганлиги, уларга эзгулик йўлидан юришлари учун берилган имконият десак муболаға бўлмайди.

Зеро, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири жазонинг оғирлиги билан эмас аксинча унинг муқаррарлиги билан фуқароларимизда қонунга итоаткорлик руҳини шакллантиришдир. Қонун устувор бўлган жамиятда эса ривожланиш ва тараққиётга эришиш шубҳасиз.  

 

Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди раиси А.Аминов

Text to speech