Фарангиз - лицейимиз фахри
Болаликдан илм олишга, спорт билан шуғулланишга қизиққан Фарангиз мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ўз қобилиятини намоён этди. У мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган кураш, самбо ҳамда дзюдо мусобақаларининг туман босқичида совринли ўринларни эгаллади. Кейинчалик бу истеъдодли қиз вилоятда ўтказилган спорт мусобақаларида ҳам ғолиб чиқиб, Республика босқичига йўлланма олди. Ўн уч ёшида Жиззах шаҳрида “Ўзбек жанг санъати” бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, илк бор олтин медални қўлга киритди. Шундан сўнг Фарангиз машғулотларда янада фаол иштирок эта бошлади. Мураббийининг кўрсатмаларига, маслаҳатларига, насиҳатларига амал қилди. Тинимсиз машғулотлар ўз самарасини берди. У 2016-2020 йиллар давомида Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатларида ҳам ўз қобилиятини намоён этди ва рақиблари устидан муносиб ғалабага эришда. Спортнинг “Ўзбек жанг санъати” бўйича бир неча бор Ўзбекистон чемпиони Фарангиз Қадамбаева айни пайтда ИИВ Хоразм академик лицейининг 3-босқичида таҳсил олмоқда.
-Спортда эришган ютуқларимда тажрибали мураббий Нодирбек Турдиевнинг хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ,-дейди Фарангиз Қадамбаева.-Тинимсиз машғулотлар бесамар кетмаяпти. Шу йилнинг 28-29 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон кубогида ҳам 60 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритдим. Энди янада нуфузли мусобақа-Осиё чимпионатига тайёргарлик кўраяпман.
Спортда муносиб ютуқларга эришаётган Фарангиз Қадамбаева жаҳон ҳамда олимпия майдонларида Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтаришга аҳд қилган. Биз унга ишонамиз ва омад тилаймиз!
Элёрбек МАТЁҚУБОВ,
ИИВ Хоразм академик лицейи
директори ўринбосари.