Фирибгарлик жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
Содир этилган жиноят ва ҳуқубузарликлар процессуал тартиб-қоидаларга риоя этган ҳолда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиши билан биргаликда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда муҳим профилактик омил ҳисобланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Хоразм вилоятида қайд этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиб, унинг келиб чиқишига сабаб бўлган объектив ва субъектив омиллар пухта ўрганилиб, келгусида нохуш ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Урганч шаҳрида содир этилган кўп эпизодли фирибгарлик жинояти Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси раҳбарияти томонидан
бевосита мазкур жиноят содир бўлган маҳаллада яшовчи аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинди.
Арзон нархда автомашиналарни сотиш, ногиронлар учун имтиёзли равишда берилган уй-жойларни бошқа шахснинг номига қонуний расмийлаштириб беришни ваъда қилиш каби алдовлар билан ўзгаларнинг мол-мулкини қўлга киритиб келган, Урганч шаҳрида яшовчи, фуқаро Б.Р. нинг ноқонуний қилмишлари маҳалладошлари томонидан кескин танқид қилинди.
Дастлабки тергов ва муҳокама жараёнида аниқланишича, мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларидан бири бу – фуқароларнинг ишонувчанлиги билан биргаликда, уларда ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги, мол-мулкни сотиб олишидан олдин ушбу мулкнинг ҳақиқий эгаси кимлигини ва унинг олди-сотди масалаларидан хабардорлигини суриштирмасдан фирибгарларга пулларини бериб юборганликлари маълум бўлди.
Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бораётган терговчи томонидан ўз навбатида муҳокамада иштирок этган фуқароларни мол-мулкни сотиб олишда хушёрликка чақириб, олдин мулкнинг ҳақиқий эгаси ва ўз мулкининг тасарруф қилинаётганлигидан хабари бор ёки йўқлигини билиш кабилар юзасидан ҳуқуқий тавсиялар берилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати