Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
2021 йил 19 январь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида 2020 йил якунлари бўйича вилоят ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, жиноятларни барвақт олдини олиш, жамоат тартиби сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолият натижаларини таҳлил этиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олишга бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳисобот йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Р.А.Хатамов иштирок этди.
Йиғилишда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов сўзга чиқиб, ҳисобот даврида, яъни 2020 йилда вилоят ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларга батафсил тўхталиб ўтди.
Шундан кейин хизмат фаолиятини ташкил этишда сусткашликка йўл қўйган ҳудудий ва соҳавий ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Йил якунига кўра салбий кўрсаткичларни қайд этган ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Йиғилиш асосан танқидий ва таҳлилий руҳда бўлиб ўтган бўлсада, 2020 йил давомида хизмат вазифаларини бажаришга виждонан ёндашиб, ҳамкасбларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган ходимларнинг ижобий ютуқлари ҳам эътироф этиб ўтилди. Жумладан, ИИВ Хоразм академик лецейи директори подполковник Р.Машариповга навбатдаги “полковник” махсус унвони тантанали равишда топширилган бўлса, подполковниклар Қ.Ўринбаев ва З.Ўразбаевларга “Тезкор хизматнинг аълочиси” кўкрак нишонлари тақдим этилди.
Йиғилишда Вазир ўринбосари полковник Р.А.Хатамов сўзга чиқиб, бугунги кунда асосий вазифа ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш эканлигини, бунинг учун эса интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савияси юқори бўлган кадрларни тайёрлаш бўйича сифат жиҳатидан янги тизим жорий этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш якунида 2021 йилда вилоят ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати