Хоразм вилояти ИИБ да фахрийлар ва ёш ходимлар учрашуви бўлиб ўтди
Сўнгги йилларда Хоразм вилояти ички ишлар органларида соҳа фахрийларининг ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш, фахрийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш орқали тизимда устоз-шогирд анъанасини янги босқичга олиб чиқиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди десак муболаға бўлмайди.
Ушбу эзгу ишларни амалга оширишда вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедовнинг шахсий ташаббус кўрсатиб ва бевосита бош-қош бўлиб келаётганлиги эса алоҳида эътирофга моликдир.
Жорий йилнинг 8 июнь куни Урганч шаҳрида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” ғояси остида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувга соҳа фахрийлари, хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ва вилоят ички ишлар органларининг ёш шахсий таркибига сардорлик қилиб келаётган фидойи ходимлар, шунингдек бир гуруҳ фидойи ходимларнинг ота-оналари таклиф этилди.
Авлодлар учрашувига хос тарзда ташкил этилган мазкур маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор А.И.Икрамов ва вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедовлар иштирок этиб, бугунги кунда ички ишлар органларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, шунингдек соҳа фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтдилар.
Ўзаро ишонч ва самимийлик асосида бўлиб ўтган йиғилишда фахрийларнинг соҳада устоз-шогирд анъаналарини янада ривожлантириш борасидаги таклиф ва фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Хоразм вилояти ИИБ ва унинг ҳудудий ҳамда соҳавий хизматларидаги ёшларга сардорлик қилиб келаётган фидойи, шижоатли етакчи ходимлар фахрийларга яқиндан таништирилди.
Шундан кейин тадбирда иштирок этган фахрийлар, фидойи ходимларнинг ота-оналари, хизмат вазифасини бажариш пайтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига бошқарманинг эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек тадбирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор А.И.Икрамов 4-7 июнь кунлари Тошкент шаҳрида спортнинг “Қўл жанги” тури бўйича бўлиб ўтган Жахон чемпионатида 55 кг вазн тоифасида фахрли 3-ўринни эгаллаган, Хоразм вилояти ИИБ ходими кичик сержант Бекзод Отажановнинг эришган муваффақиятини алоҳида эътироф этиб, келгуси мусоқабаларда омад тилади.
Маданий-маърифий тадбир дастурига асосан иштирокчилар тушлик пайтида дастурхон атрофида дийдорлашдилар, ўзбекона ош ва миллий куй-қўшиқлар барчанинг кўнглига хушнудлик олиб кирди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати