8 Декабр 2020 йил 537

Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташаббуси билан мактаб ўқувчилари ўртасида “Сиз қонунни биласизми?” мавзусида викторина ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан Хива шаҳридаги умумтаълим мактабларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигнинг 28 йиллигига бағишлаб “Конституция – халқ тақдирида” мавзусида (карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда) тадбир ўтказилди.

Бунда асосий мақсад  ёш авлодга Конституциянинг кундалик ҳаётимизда тутган ўрни ва қонун ижодкорлигини амалга оширишда Конституциянинг устуворлигини тушунтиришга қаратилди.

Шу мақсадда жорий йилнинг 7 декабрь куни Хива шаҳридаги айрим фанлар чуқур ўргатиладиган 17-сон ва 2-сон ўрта таълим мактабларида бўлиб ўтган тадбирда Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари ўқувчиларга мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини эгаллашида ва мустақиллигимизни янада мустаҳкамланишида Бош қомусимизнинг тутган ўрнини ҳаётий мисоллар билан тушинтириб ўтдилар.

Шу билан биргаликда, бугунги кунда бошқарма ходимлари вилоятга ташриф буюраётган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам батафсил маълумот бериб ўтишди.

Шундан сўнг, бошқарма ходимлари томонидан таълим даргоҳи ўқувчиларнинг Конституциявий саводхонлигини ва Конституцияга оид саволларга бўлган ҳозиржавоблигини ошириш мақсадида “Сиз қонунни биласизми?” мавзусида викторина ўтказилди.

Викторинада фаол иштирок этган зукко ўқувчилар бошқарма ходимлари томонидан эсдалик совғалари ҳамда Конституция китоби билан тақдирланди. Шунингдек, ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишдаги ҳамкорлиги учун ҳар иккала мактаб кутубхоналарига хорижий ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларидан иборат бадиий китоблар тўплами байрам совғаси сифатида топширилди.

 Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech