2 Июл 2021 йил 449

Хоразм вилояти ИИБ терма жамоаси “Иттифоқ кубоги”ни қўлга киритди

Бугунги кунда Хоразм вилояти ички ишлар органларида ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш мақсадида спорт машғулотлари режа асосида ўтказиб келинмоқда.

Малакали мутахассислар томонидан олиб борилаётган спорт машғулотлари фақатгина ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириб қолмасдан, уларнинг турли спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, совриндорлар қаторида бўлиш имкониятини ҳам яратмоқда, чунки спортда омад кучлиларга кулиб боқади.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши ташаббуси билан жорий йилнинг 28 июнь куни Урганч шаҳрида “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик” шиори остида вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбий қисмларда хизмат қилиб келаётган ёш ходимлардан ташкил топган терма жамоалар ўртасида спортнинг “Мини футбол” тури бўйича “Иттифоқ кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Муросасиз ва қизғин ўтган беллашувларда ўзларининг маҳоратини намойиш этган Хоразм вилояти ИИБ терма жамоа таркибида майдонга тушган ёш ходимлар якунда мусобақанинг мутлоқ ғолиби бўлиб, “Иттифоқ кубоги”ни қўлга киритдилар.

Ғолиб ва совриндорларга Ёшлар Иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech