1 Июн 2021 йил 554

Хоразм вилояти ИИБ томонидан болаларга байрам совғалари топширилди

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳам турли тадбирлар ташкил этилди.

Жумладан, Хоразм вилояти ИИБ томонидан доимий равишда моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб келинаётган Урганч шаҳридаги “Болалар уйи” бу галги байрамда ҳам эътибор марказидан четда қолмади. Вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов мазкур “Болалар уйи” га ташриф буюриб, муассасага болалар ўйинчоқлари ва маиший техникаларни байрам совғаси сифатида топширди. Шу ўринда вилоят ИИБ бошлиғи  “Болалар уйи” тарбияланувчиларига анча йиллардан буён оналик меҳрини бериб, сидқидилдан ишлаб келаётган муассаса директори Людмила Руслановнанинг хизматларини алоҳида эътироф этиб, унга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди.

Шунингдек, Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти Хива шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”да истиқомат қилиб келаётган болаларни ҳам байрам билан табриклаб, совғалар улашдилар.   

Эслатиб ўтамиз, байрам арафасида ўтказилган барча маданий-маърифий тадбирлар карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech