6 Май 2021 йил 513

Хоразм вилояти ИИБ томонидан ўтказилган тадбирларда гиёҳфурушлик билан боғлиқ бир неча жиноят фош этилди

Гиёҳвандлик - умр заволи ва тараққиёт кушандасидир. Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга йўналтирилган “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбири ҳар йили икки босқичда амалга оширилади.

Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноятлар фош этилишига эришилди. 

Жумладан, Хазорасп туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган Ю.А. гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва истеъмол қилишда гумонланиб,  2021 йил 23 апрель куни Тупроққалъа тумани ИИБ ходимлари томонидан тўхталиб, ёнлари ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганида, чўнтагида вазни 1,22 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги аниқланди.  Ю.А. нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 2021 йил 24 апрель куни Хоразм вилояти ИИБ ходимлари томонидан Урганч шахрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1994 йилда туғилган М.И. вазни 0,57 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 550 000  сўмга сотаётган пайтда, 29 апрель куни ўтказилган тезкор тадбирда эса Урганч шахрида яшовчи, 1983 йилда туғилган, М.А. бир бўлак “опий” гиёҳвандлик воситасини 500 000 сўмга сотаётганида жиноят устида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи бошланди.

  Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech