Хоразм вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирларда 14 000 дан ортиқ пиротехника воситалари олинди.
Янги йил байрами арафасида айрим уддабурон шахслар болаларнинг қизиқувчанлигидан фойдаланиб пиротехника воситаларининг савдоси орқали ноқонуний даромад орттиришга уринадилар.
Ваҳоланки сифатсиз пиротехника воситалари болаларга қувонч улашиш ўрнига уларнинг соғлиғига, айрим ҳолларда эса ҳаётига хавф туғдирганлигининг гувоҳи бўлганмиз.
Шу боис айни кунларда Хоразм вилоятида ииротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш юзасидан ички ишлар органлари томонидан рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Хоразм вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида пиротехника воситалари билан боғлиқ тўртта маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бошқарма ходимлари томонидан ушлаб қолинган пиротехника воситаларининг умумий сони 14220 тани ташкил этади. Сифатсиз ушбу пиротехника воситаларидан фойдаланиш жараёнида инсонларнинг шикастланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Тадбирлар жараёнида аниқланган ҳолатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб судга оширилди.
Маъмурий суд томонидан ҳуқуқбузар шахсларнинг хатти-ҳаракатлари мазмунан кўриб чиқилиб, уларга нисбатан жарима жазоси тайинланди ҳамда ҳуқуқбузарлик ашёси ҳисобланган пиротехника воситалари белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати