Хоразм вилоятида 30 нафар ички ишлар органлари ходимларига янги хонадонлар топширилди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислохотлардан кўзланган асосий мақсад инсонларнинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашдир. Инсоннинг бахтли яшаши учун аввало унинг уйи бўлиши лозим. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимиздаги улкан бунёдкорлик, қурилиш ишларининг аксарияти аҳоли яшаши учун мўлжалланган уй-жойларни барпо этишдан иборат бўлмоқда. Республикамиздаги барча соҳа вакиллари учун имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилмоқда.
Шу қаторда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ички ишлар органларининг ходимлари учун 30 хонадондан иборат бўлган 5 қаватли уйнинг топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Р.А.Хатамов ва Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедовлар иштирок этиб, янги хонадонлар калитларини эгаларига тантанали равишда топширдилар.
Тантанали тадбирда иштирок этган раҳбарият ва соҳа фахрийлари янги хонадонга эга бўлган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини иморат билан қутлаб, ўзларининг самимий тилакларини изҳор этдилар.
Шундан сўнг Вазир ўринбосари ва вилоят ИИБ бошлиғи бир гуруҳ фахрийлар ҳамрохлигида янги хонадонларда яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
Янги хонадонга кўчиб келган хонадон соҳиблари ва фарзандларининг қувончи барчанинг дилига кўчди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати