25 Апрел 2021 йил 523

Хоразм вилоятида ҳайрия концертлари бўлиб ўтди

Ички ишлар органларида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда уларнинг қонуний  ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида фидокорона хизмат олиб бораётган ходимлар орасида иккинчи, яъни ижодий  истеъдод соҳиблари ҳам бор.

Ана шундай ижодий қобилиятга эга бўлган ички ишлар ходимларидан иборат Ўзбекистон Республикаси ИИВ Мусиқа ва рақс ансамбли  томонидан ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб ҳайрия концертлари ўтказиб келинади.

Концертдан тушган маблағларнинг асосий қисми хизмат вазифасини ўташ вақтида вафот этган ёки ногирон бўлган ходимларнинг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев, сўз устаси Ўткир Мухаммадходжаев, таниқли қизиқчи Аваз Охун ва бир гуруҳ хушовоз хонандалар иштирокидаги ҳайрия кўнгилочар концерт дастурлари Хоразм вилоятида ҳам бўлиб ўтди.

Жумладан, 2021 йилнинг 23 апрель куни Гурлан, Шовот ва Қўшкўпир туманларида, 24 апрель куни Боғот ва Хонқа туманларида бўлиб ўтган концерт дастурларига ташриф буюрган юртдошларимиз маданий ҳордиқ чиқардилар.

Якуний концерт дастури эса Урганч шаҳридаги “Авесто” амфитеатрида ўтказилди.

Хизмат вазифасини бажариш пайтида вафот этган ва ногирон бўлиб қолган ходимларнинг оила аъзолари концерт дастурларига меҳмон сифатида таклиф этилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech