12 Март 2021 йил 450

Хоразм вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш “маҳаллабай” тизимида амалга оширилмоқда

2021 йилдан бошлаб Хоразм вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда “маҳаллабай” тизимига ўтилди.

2020 йил якунларига кўра вилоятдаги мавжуд 519 та маҳалла криминоген вазиятидан келиб чиққан ҳолда, жиноятлар сони кескин ошган - “қизил”, жиноят содир этилиши йўл қўйилган - “сариқ” ва жиноятдан ҳоли бўлган - “яшил” тоифаларга  ажратилди.

Вилоят ички ишлар органларининг бошқарув бўғинида хизмат қилаётган   ходимлар Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг буйруғига кўра маҳаллалар кесимида масъул қилиб бириктирилди.

Бунда “қизил” ва “сариқ” тоифага кирган маҳаллаларга асосан ички ишлар органларида жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш ҳамда унинг профилактикасини ташкил этиш борасида бой тажрибага эга бўлган ходимлар бириктирилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Эндиликда ушбу ходимлар ўзларининг кундалик хизмат фаолиятини бевосита эрталаб маҳалладан бошламоқда.

Содир қилинган жиноятнинг оқибатлари билан курашишдан кўра унинг олдини олиш жамият учун фойдали эканлигини чуқур англаган ҳар бир ходим асосий эътиборини маҳаллада жиноятларни жиловлашга қаратиб, профилактик-огоҳлантирув тадбирларини амалга ошириб келмоқда.

Содир қилинган жиноятлар мазкур маҳалла аҳолиси иштирокида қатъий тартибда муҳокама этилиши йўлга қўйилди. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилган тақдирда муҳокама жараёни бевосита вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан ўтказилмоқда. 

Шунингдек “маҳаллабай” тизими ҳар бир хонадон ва унда яшовчи ҳар бир фуқаронинг дарду-ташвиши ва муаммоларини ўрганиш ҳамда мақсадли ва манзилли ёрдам кўрсатиш имкониятини яратмоқда.

Олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар натижасида Хоразм вилоятида содир қилинган жиноятлар ва жиноят содир этилишига йўл қўйилган маҳаллалар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кескин камайишига эришилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech