18 Июн 2021 йил 405

Хоразм вилоятининг 3-секторларида экин далаларини тақсимлаш ишлари жадаллик билан давом этмоқда

Экин ерларидан унумли фойдаланиш ва аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора чора-тадбирлар доирасида Хоразм вилоятининг 3-секторларида ғалладан бўшаган ерларни иккинчи экин экиш мақсадида тақсимлаш ишлари жадал давом этмоқда.

Экин далалари авваламбор аҳолининг ишсиз қатлами, жумладан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га кирилган фуқароларга 20-25 сотихдан ажратиб берилмоқда.

Хоразм вилоятининг барча туманлари 3-секторларида бу борадаги ишларни қисқа муддатда ва белгиланган тартибда амалга оширилиши вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов томонидан қатъий назоратга олинди.

Бундан ташқари вилоят ИИБ бошлиғи экин далаларини тақсимлаш ва топшириш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда.

Хусусан 17 июнь куни Янгиариқ туманининг “Пўрсанг” маҳалласида 48 нафар фуқаронинг ҳар бирига 0,2 гектардан ва Хива туманининг “Индавак” маҳалласида эса 20 нафар фуқаронинг ҳар бирига 0,2 гектардан экин далаларини тақсимлаш ва тарқатиш жараёнида иштирок этган генерал-майор Д.А.Назармухамедов бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад авваламбор фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ушбу далалардан ҳар бир фуқаро унумли ва самарали фойдаланиши лозимлиги тушунтирилиб, бу борада 3-сектор раҳбарлари  амалий ёрдамга ҳамиша тайёр эканликлари айтиб ўтилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ғалладан бўшаган далалар тўлиқ шудгорланиб, иккинчи экинни экишга тайёр ҳолда топширилаётганлиги, деҳқончилик натижасида олинган даромад ҳар қандай солиқлардан озод қилинаётганлиги деҳқончилик қилиш истагида бўлган фуқаролар учун янада қулайлик яратди.

Ажратилган ерларга нуроний кексаларимизнинг дуоларидан кейин кечиктирмасдан уруғ қадашга кирилди.

Ғалладан бўшаган далалар тез кунларда иккинчи экин учун тўлиқ тақсимлаб бўлинади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech