Хоразмда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари учун ўқув-тренинг машғулотлари ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11-12 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 23-25 декабрь кунлари Хоразм вилоятидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари учун соҳага оид мавзуларда ўқув-тренинг машғулотлари ўтказилди.
“Маҳалла фуқаролар йиғини раиси - ислоҳотчи” тамойили асосида ташкил этилган мазкур ўқув-тренингларда Ўзбекистон Республикси ИИВ ва Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари ҳам долзарб мавзуларда маъруза қилдилар.
Жумладан, маҳалла раисларининг маҳаллада жамоат тартибини сақлаш борасидаги тажрибасини ошириш мақсадида “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи – маҳалла - кўчабоши” тизими ва “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо муқаррар” принципнинг ишлаш механизми батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий билимлари ошириш бўйича маҳалла раиси ва профилактика инспекторининг ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
“Хоразм тажрибаси” сифатида эътироф этилаётган ушбу ўқув-тренинг машғулотлари келгусида ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати