26 Июн 2021 йил 462

Хоразмда жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик янада такомиллаштирилади

Маълумки бугунги кунда малакатимиздаги маҳаллалар криминоген вазияти инобатга олиниб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифадаги маҳаллаларга ажратилган.

Маҳаллаларни юқоридаги тартибда тоифалаш эса жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини мақсадли ва манзилли тарзда амалга ошириш имконини беради.

Айни кунларда Хоразм вилоятдаги “қизил” тоифага кирган, яъни жиноятлар салмоғи ортган маҳаллаларда вилоят ИИБ томонидан профилактик чора-тадбирларни кучайтиришга қаратилган учрашув ва йиғилишлар ўтказилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари учрашувлар давомида маҳалла раиси, унинг ўринбосарлари ва фаолларга ҳудудда содир этилаётган жиноятларга чек қўйиш, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан профилактик ишларни ташкил этиш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда мафкурамизга ёт бузғунчи ғояларга алданиб, халқаро террористик гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслик, бунда айниқса ота-оналар ўз фарзандларини кундалик назорат қилиб боришлари лозимлиги юзасидан зарур тавсиялар бердилар.

Шунингдек, “қизил” тоифага киритилган маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаронинг жиноятчиликка қарши муросасизлик руҳи ва дахлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида мазкур маҳаллаларнинг кириш йўлларига “Мазкур маҳаллада жиноятлар ошган”, “Маҳалламизда жиноят содир этган ҳар қандай шахсдан нафратланамиз” ёзувлари қайд этилган баннерлар ўрнатилди.

Бундан ташқари маҳалла профилактика инспектори томонидан олиб борилаётган умумий, якка, махсус ва виктимологик турдаги профилактик ишлар батафсил ўрганилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад вилоятдаги барча маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга  айлантиришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришдан иборатдир.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech