31 Май 2021 йил 523

Хоразмлик профилактика (катта) инспекторлари спартакиада мусобақасида куч синашдилар

Хоразм вилояти ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторларининг жисмоний тайёргарлигини янада ошириш, шунингдек  соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда шахсий намуна бўлишларини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ бошлиғининг фармойишига асосан вилоят ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторлари ўртасида спартакиада мусобақаси ўтказилди.

2021 йил 30 май куни вилоят ИИБ спорт марказида бўлиб ўтган ушбу мусобақада барча профилактика (катта) инспекторлари спортнинг “Армрестлинг” ва “1000 метрга югуриш” турлари бўйича бўйича ўзаро куч синашган бўлсалар, вилоятдаги шаҳар ва туман ички ишлар органларининг профилактика (катта) инспекторларидан тузилган терма жамоалар спортнинг “Мини футбол” тури бўйича жамоавий биринчилик учун майдонга тушдилар.

Вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ва Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан юқори савияда ўтказилган мазкур мусоқаба иштирокчиларнинг муросасиз беллашувларига бой бўлди.

Якунда омад кучлиларга кулиб боқди. Хусусан, спортнинг “Армрестлинг” тури бўйича Хива шаҳар ИИБ профилактика инспектори лейтенант Р.Саидназаров барча ҳамкасбларидан устун келиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Ҳазорасп тумани ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант Ж.Рахманов  ва Хива тумани ИИБ  профилактика инспектори катта лейтенант Х.Камаловлар шохсупанинг иккинчи ва учинчи поғоналарини банд этдилар.

Спортнинг “югуриш” тури ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний тайёргарлигини баҳолашда асосий меъзонлар бири ҳисобланади. Шу боис спартакиададан ўрин олган “1000 метрга югуриш” бахси жуда қизғин ўтди ва унда Тупроққалъа тумани ИИБ профилактика инспектори лейтенант З.Азимов барча ҳамкасбларидан чаққон эканлигини кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Ҳазорасп тумани ИИБ профилактика инспектори лейтенант Ж.Собиров ва Боғот тумани ИИБ профилактика инспектори лейтенант М.Ахмеджановлар ҳам совриндорлар қаторидан жой олдилар.

Спортнинг “Мини футбол” тури бўйича ўтказилган мусобақа эса ходимларнинг нафақат жисмоний имкониятлари шу билан биргаликда жамоавий ҳамфикрлигини ҳам намойиш этди. Бу борада Қўшкўпир тумани ИИО ФМБ терма жамоаси барчадан устун эканлигини кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Урганч тумани ИИБ ва Гурлан тумани ИИБ терма жамоалари иккинчи ва учинчи ўринлардан муносиб жой эгалладилар.

Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчиларига диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech