Хотин-қизлар иштирокида спорт мусобақаси бўлиб ўтди
Хоразм вилояти ички ишлар органларида эркаклар билан бир сафда хизмат қилаётган хотин-қизлар спорт ва жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш борасида ҳам эркаклардан ортда қолмасликка ҳаракат қилишади. Чунки жисмонан соғлом бўлиш ички ишлар органлари ходимлари олдига қўйиладиган асосий талаблардан биридир, қолаверса спорт билан шуғулланган инсон турли касалликлардан йироқда бўлади.
Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган хотин-қизлар билан спорт машғулотлари белгиланган режа асосида, хафтанинг сешанба ва жума кунлари бошқарма спорт марказида бўлиб ўтади.
Ҳар ойда ўтказиладиган спорт мусобақалари эса, ўз навбатида хотин-қизларнинг жисмоний салоҳиятини баҳолашда муҳим ўрин тутади.
2021 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги мусобақада бошқарма хотин-қизларидан таркиб топган иккита жамоа аъзолари спортнинг кўпкураш тури бўйича ўзаро куч синашдилар.
Қизиқарли шу билан биргаликда муросасиз ўтган мусобақада барча хотин-қизлар фаол иштирок этдилар.
Мусобақада фаол иштирок этган хотин-қизлар Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти ва вилоятда хизмат сафарида бўлиб турган Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи аъзолари томонидан бадиий китоблар тўплами билан тақдирланди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати