6 Июн 2021 йил 531

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясида

Хоразм вилоятида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида ички ишлар органларида ташкил этилган хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар муносиб ҳисса қўшмоқда.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бугунги кунда ички ишлар органларининг ушбу соҳавий йўналиши ўз фаолиятини “маҳаллабай” тизими асосида амалга ошириб келмоқда.

Вилоятда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш борасида шаҳар-туман ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғини  раисининг хотин-қизларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари ўртасида бевосита ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бу эса ўз навбатида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш имконини бермоқда.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида тазйиқ ва зўравонликка учраган 1200 нафардан ортиқ хотин-қизларга нисбатан “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилиб, уларнинг барчаси давлат томонидан қонуний ҳимояга олинди.

Шунингдек, ички ишлар органларининг ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 120 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг доимий иш билан бандлиги таъминланди.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида эса вилоят ҳудудида хотин-қизлар томонидан содир қилинган жиноятлар ҳамда уларнинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кескин камайишига эришилди.

Юқоридаги ишларнинг сифат ва самарадорлигини оширишда эса ННТ лар ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган мавзуга оид семинар-тренингларнинг ўрни катта бўлмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech