ИИВ ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида жиноятчиликка қарши курашни "маҳаллабай" ташкил этиш ишлари бўйича ўрганишларини бошлади
Бугунги кунда жамиятимизнинг барча соҳаларида бўлаётгани каби ички ишлар органларида ҳам кенг кўламдаги ислоҳотлар изчиллик билан давом этмоқда. Жорий йилнинг 8 апрель куни худудларда амалга оширилаётган ишлар, хизмат самарадорлигини ошириш йўлидаги яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов вилоятга ташрифини Хива тумани ҳудудида бунёд этилаётган туман ички ишлар бўлими биносини кўздан кечиришдан бошлади. Бинонинг қурилиш лойиҳаси билан танишар экан, вазир ички ишлар органлари ходимлари учун яратилаётган шароитлар ҳамда қулайликлар борасида қизиқди. Шунингдек, вазир маъмурий бино қурилишида меҳнат қилаётган қурувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларига эътибор қаратиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар берди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазири Хива шаҳрида бунёд этилаётган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг маъмурий биносини кўздан кечирди. Бу ерда хизмат ходимлари учун зарур қулайликларни яратиш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, маъмурий бино худудида сайёҳлар учун хорижий тилларда керакли маълумотлар базасини ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.
Хива шаҳар ИИБ биносида шаҳар ва туманнинг тўртта сектор раҳбарлари билан йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда Ички ишлар вазири, Пўлат Бобожонов аввало соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини тушиниш кераклини таъкидлаб ўтди. Шунингдек “Маҳаллабай”, “Хонадонбай”, “Фуқаробай” тизимлари бўйича амалга оширилаётган ишларни самарали ташкил этиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фаолиятдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди. Бундан ташқари, жиноят содир қилишга мойил бўлган шахслар билан профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш, содир бўлаётган майда ҳуқуқбузарликлар келгусида оғир оқибатли жиноятларга айланиб кетишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди.
ИИВ Ишчи гуруҳининг вилоят худудидаги хизмат сафари давом этмоқда.