ҲИМОЯ ОРДЕРИ-АЁЛЛАР ҲУҚУҚИНИНГ ИШОНЧЛИ КАФОЛАТИ
Мамлакатимизда аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, зарур шароитларни яратиб бериш билан бир қаторда улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳазорасп туманида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, судланган, яшаш манзилидан узоқ муддатга чет давлатларга кетган хотин-қизлар билан кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга ошириляпти. Маҳаллаларда тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар бир оиладаги хотин-қизларнинг турмуш тарзи атрофлича ўрганиб чиқилмоқда ва амалий ёрдам кўрсатиляпти.
-Туманимиз худудида 3540 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, улар билан тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида тизимли ишлар олиб борилмоқда,-дейди туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Анапошша Қурбонова.-Шу кунга қадар улардан 34 нафарининг муаммолари ўрганиб чиқилди. Натижада 14 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 9 нафарига маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда моддий ёрдам берилди, 2 нафарига психологик ёрдам кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган 9 нафар хотин–қиз ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Шунингдек, туман худудида истиқомат қилаётган 8 та кам таъминланган ҳамда 16 та ногиронлиги бўлган оилаларнинг ҳолидан хабар олинди ва моддий ёрдам кўрсатилди. Таъзиқ ва зўравонликдан жабрланган 32 нафар аёлга ҳимоя ордери берилиб, ушбу оилалар алоҳида эътиборга олинди.
Туман ички ишлар органлари ходимлари томонидан муқаддам судланган, жиноят содир этишга мойил бўлган, спиртли ичимликка ружу қўйган, рухий касал хотин-қизлар билан мунтазам равишда профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш мақсадида 23 маротаба тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилди. Амалга оширилаётган бундай профилактик тадбирлар натижасида аёллар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилмаяпти.
Туман худуди бўйича 127 нафар хотин-қизлар иш сўраб мурожаат қилишган. Ушбу мурожаатлар бандликка кўмаклашиш худудий бўлими билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилиб, 28 нафар аёллар иш билан таъминланди. Шунингдек, ажрим ёқасига келиб қолган 11 нафар хотин-кизлардан 7 нафарини яраштириш имкониятига эришилди. Пробация гуруҳи рўйхатида турган 20 нафар хотин-қизлардан 13 нафари билан психологик ва профилактик суҳбатлар олиб борилди ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлгаларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Хизмат ходимлари оила-турмуш муносабатлари доирасидаги низоларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида хонадонларга чиқиб, хотин-қизларнинг турмуш тарзи, оилавий аҳволи ҳамда муаммоларини ўрганиб боришмоқда. Зарур ёрдамлар, тавсиялар ҳамда маслаҳатлар беришяпти. Афсуски, шунга қарамасдан баъзи оилаларда ҳамон низоли ҳолатлар учраб турибди.
Тумандаги “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи Э. Дилшод оилавий келишмовчилик сабаб турмуш ўртоғи Б. Озода билан ажрашмоқчи бўлишади. Туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, худуд профилактика инспектори ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида ушбу оиланинг муаммолари, ажралиш сабаблари ўрганилди. Маҳалланинг ёши улуғ отахону-онахонлари уларга маслаҳатлар, насиҳатлар беришди. Кечиримли бўлишлари тушунтирилди. Шундан сўнг эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик бартараф этилиб, оилада соғлом муҳит яратилди. Шунингдек, “Минг отлиқ маҳалласи”да яшовчи Қ. Дилноза ва Э. Бекзодлар ҳам мунтазам равишда ўзаро жанжаллашиб келишган. Ажралиш ёқасига келиб қолган ушбу оила аъзолари билан ҳам суҳбатлашилди ва уларнинг ярашувига эришилди.
Жойларда амалга оширилаётган бундай профилактик тадбирлар натижасида хотин-қизлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг, оилалардаги ажримларнинг, низоли ҳолатларнинг олди олинмоқда. Ҳар бир оилада соғлом муҳит яратилишига ҳаракат қилиняпти. Энг муҳими, ҳимоя ордери - аёллар ҳуқуқининг ишончли кафолати сифатида намоён бўлмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.
Суратларда: Ҳазорасп тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Анапошша Қурбонова хизмат пайтида.