Инсонпарварлик принципининг амалий намунаси
Инсонпарварлик принципи амалдаги Жиноят кодексининг асосий принципларидан бири ҳисобланади.
Ушбу принципнинг амалий ифодасини нафақат жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситилишига йўл қўйилмаслигида, шу билан биргаликда жазо муддатининг маълум қисмини ўтаган шахсларни муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ёхуд жазосини енгилроғи билан алмаштириш имкониятларининг мавжудлигида ҳам кўришимиз мумкин.
Яқинда Урганч шаҳар ИИО ФМБ Пробация гуруҳи ҳисобида турган, кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 21 нафар шахсларни жазо ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисида жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судига келиб тушган тақдимномаларни кўриб чиқишда ҳам инсонпарварлик принципига устуворлик берилди десак муболаға бўлмайди.
Судга киритилган ҳар бир тақдимноманинг ортида нафақат пробация хизмати ҳисобида турган шахснинг тақдири, шу билан биргаликда унинг оила аъзолари ва яқинларининг ҳам тақдирлари турганлиги инобатга олинган ҳолда, тақдимномалар синчковлик билан ўрганиб чиқилди.
Тақдимномалар судда ошкора кўрилиб, ҳисобда турган 21 нафар шахсларнинг барчаси жазодан озод этилди. Шу билан биргаликда уларнинг оилавий шароитлари, кундалик турмуш тарзи ҳам мукаммал ўрганилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлаш борасида мутасадди ташкилотларга ажримлар юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг раиси
Ш.Раззақов
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судьяси
Р.Бобожонов