19 Январ 2021 йил 588

Ишчи гуруҳ фаолияти ўрганилиб,топшириқ  ва тавсиялар берилди

Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирининг кўрсатмасига асосан ҳудудларда ишчи гуруҳ тузилди.

Ушбу гуруҳлар олдига Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасидаги ишларни янада ривожлантириш асосий вазифа этиб қўйилди.

Хоразм вилоятида хизмат сафари билан бўлиб турган Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Р.А.Хатамов вилоятда қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштириш бўйича тузилган ишчи гуруҳ фаолиятини таҳлил этиш мақсадида Урганч шаҳридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида бўлди.

Вазир ўринбосари Хоразм вилояти ИИБ Тезкор-маълумотлар бўлими бошлиғи раҳбарлигида фаолият юритаётган ишчи гуруҳ томонидан, бошқарма архивида сақланаётган, қатағон йилларида қўзғатилган жиноий ишлар ва бошқа тоифадаги йиғма жилдларни ўрганиш натижасида аниқланган маълумотлар билан яқиндан танишиб, бу юзасидан ўзининг қўшимча топшириқ ва тавсияларини берди.

Шунингдек, Урганч шаҳрида жойлашган ушбу музей экспонатлари ва тарихий ҳужжатлар Вазир ўринбосари полковник Р.А.Хатамовда катта қизиқиш уйғотди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech