Ислоҳотлар-амалда: ФҲДЁ соҳасидаги муҳим ўзгаришлар
Мамлакатимизда фуқароларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларга зарур қулайликларни яратиб бериш борасида тинимсиз изланишлар амалга оширилмоқда. Бу каби ўзгаришлар Давлат хизматлари агентлиги фаолиятида ҳам яққол намоён бўляпти. Ушбу агентлик фуқароларга яшаш манзилидан қатъий назар сифатли давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратмоқда. Фуқаролик ҳолати далолатномларини ёзиш бўлимларининг Давлат хизматлари агентлиги биноларида фаолият кўрсатиши ҳам навбатдаги қулайликлардан биридир. Эндиликда ФҲДЁ бўлимларида ҳам худди давлат хизматлари агентлигидаги каби фойдаланилган хизмат учун тўланган пул маблағи СМС-хабар тарзида тўғри мобиль телефонингизга келиб тушади. Хабарда амалга оширилиши керак бўлган тўловнинг инвойс рақами ва белгиланган миқдори кўрсатилган бўлади. СМС-хабар ҳуқуқий хизматни олганда кўрсатилган мобил телефон рақамига юборилади. Кўрсатилган хизматлар учун тўловларни мамлакатимизда мавжуд бўлган барча электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширишингиз мумкин. Шунингдек, 2021 йилнинг 31 январь кунидан кейин дунёга келган болаларнинг туғилганлик гувоҳномасини олиш учун ФҲДЁ бўлимида пул ундирилмайди. Герб йиғими ва болани доимий рўйхатга қўйиш учун давлат божи “суюнчи” пулидан ушлаб қолинади.
Туғилганлик ва дафн маросимини ўтказиш учун бериладиган бир маротабалик нафақа пулини олиш учун ариза йўллаш - Давлат хизматлари агентлиги орқали амалга оширилиши белгиланган эди. Ушбу хизматларга талаб юқори бўлгани учун агентлик мутахассислари аҳолига янада қулайликлар яратиш мақсадида изланишлар олиб боришди. Эндиликда ушбу хизматлар композит тарзда яъни битта ариза билан ҳал бўлади. Яъни туғилганлик ёки ўлим тўғрисида гувоҳнома олиш учун ФҲДЁ бўлимига берилган ариза махсус электрон тизим орқали автоматик тарзда пенсия жамғармасига юборилади. Шундан сўнг қисқа фурсат ичида мобиль телефонингизга СМС-хабар келади. Сиз фақатгина паспорт ва тегишли гувоҳнома (туғилганлик ёки ўлим тўғрисидаги) билан ўзингизга қулай бўлган “Халқ банки” филиалига бориб, белгиланган маблағни олишингиз мумкин.
Фарзанд туғилганлик бўйича суюнчи пулини олишда ҳам ортиқча оворагарчиликларсиз СМС-хабар келганидан сўнг ўша куннинг ўзида исталган банк филиалидан пулингизни олишингиз мумкин.
Сизда ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан ортиқча пул маблағлари талаб этиш ҳолатлари кузатилса, Адлия вазирлигининг “1008”, Давлат хизматлари агентлигининг “1148” ишонч телефонларига, @ anticorbot телеграм каналига ёки Адлия вазирлиги тизимидаги коррупцияга қарши курашиш бўлимига (71-207-04-64) хабар беришингиз мумкин.
Соҳада амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар аҳоли мушкулини осон этиш билан бирга қаторда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда ҳамда давлат хизматлари тизимининг янада шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Наргиз ҚУРБАНБАЕВА,
Хонқа тумани ФХДЁ бўлими мудираси