29 Январ 2021 йил 469

Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва манфаатларини  ҳимоя қилишда қонун устуворлигига эришиш

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш борасида  бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида бир қатор вазифалар қўйилган эди.

Қўйилган устувор вазифалардан келиб чиқиб бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси суд тизимида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилди.

- маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.

- маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилди.

Бундан ташқари, олиб борилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинди.

Суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштириш мақсадида қонунчиликка қуйидаги тартибда ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш тартиблари жорий этилди. 

Амалга оширилган мазкур ислоҳотлар одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янги босқичга кўтариши шубҳасиз.

 

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси

Р.Бобожонов

Text to speech