24 Декабр 2020 йил 534

ЙҲХБ фаолиятидан: Йўл иштирокчиларидан хушёрлик талаб этилади.

    Маст ҳолда ёки етарли малакага эга бўлмасдан туриб транспорт воситасини бошқариш аянчли оқибатларга олиб келишини барчамиз яхши биламиз. Аммо шундай бўлса-да, баъзи фуқаролар ҳайдовчилик масъулиятини унутиб, автомашинага ўтиришади ва йўл транспорти ҳодисаси сабабчисига айланишади.

   Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорти билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда Хонқа тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Туман ИИБ ЙҲХГ ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ алоҳида ЙПХ отряди 3-сафарбарлик гуруҳи ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида йўл транспорти билан боғлиқ бўлган 8112 та қоидабузарлик аниқланган. Шундан 165 нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган бўлса, 476 нафари белгиланган тезликни оширган, 536 нафари қувиб ўтиш қоидасини бузган, 69 нафари светафорнинг таъқиқловчи ишорасига, 1379 нафари йўл белгиларига амал қилмаган, 770 нафари эса тегишли хужжатларга эга бўлмагани аниқланди.

     Йўловчи ташишга мўлжалланган транспорт воситаларининг сони йил сайин ортиб бормоқда. Улар турли ташкилот ҳамда уюшмаларга аъзо бўлиб, белгиланган қатнов йўналишларида ҳаракатланишяпти. Ушбу транспорт воситаларининг меъёр талаблари бўйича ҳаракатланиши ЙПХ инспекторлари томонидан доимий равишда назорат қилиб борилмоқда. Шунингдек, ЙПХ инспекторлари йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи уюшмаларда учрашувлар, тарғибот тадбирлари ўтказиб боришяпти. Аммо шундай бўлса-да, баъзи ҳайдовчилар ҳамон қонунга хилоф равишда одам ташиш фаолияти билан шуғулланишмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 665 нафар ҳайдовчи бундай қоидабузарлик содир этганлиги аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

   Йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида туман худудидан ўтувчи  4Р-156 “Урганч-Хонқа-Ҳазорасп” автомабиль йўлининг 6-, 13-, 22-, 23- километрлари оралиғига туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги ёритгич чироқлари қўйилди. 4Р-164 “Хонқа-Янгиариқ” автомабиль йўлининг 1-километрига огоҳлантирувчи пиёдалар светафори, 4Р-156 “Урганч-Хонқа-Ҳазорасп” автомобиль йўлининг 10-километри “ЙТҲ ўчоғи” деб топилиб, 1 дона ЙПХ махсус транспорт воситаси макети жойлаштирилди. Шунингдек, 4Р-156 автомобиль йўлидаги чорраҳаларга 2 та светафор қурилмаси ҳамда 4 та кузатув камералари ўрнатилди.

   Туман худудида йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш, йўл белгилари ўрнатиш, йўлларни таъмирлаш бўйича туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига 17 маротаба, туман ободонлаштириш бошқармасига 14 маротаба такдимномалар юборилди ва бу мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди.

   Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходимлари болалар билан боғлиқ бўлган йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда. Маҳаллаларда, ўқув муассасаларида йўл ҳаракати билан боғлиқ бўлган турли маданий тадбирлар, ўқув машғулотлари ўтказиляпти. Бунда болаларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билимлари синовдан ўтказилмоқда.

   -Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқариши, тезликни ошириши, светафор ишораларига амал қилмаслиги йўл транспорти ҳодисасининг келиб чиқишига сабаб бўлиши барчамизга маълум,-дейди туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори, подполковник Отаназар Сотимов.-Шу боис, бундай масъулиятсиз ҳайдовчиларнинг такроран қўпол қоидабузарликлар содир этмаслиги учун маҳалла фуқаролар йиғинларига тақдимномалар юбораяпмиз ҳамда уларнинг ижросини алоҳида назоратга олганмиз. Шунингдек, корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда кўплаб учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказаяпмиз. Шуниси ачинарлики, олиб борилаётган бундай кенг кўламдаги профилактик тадбирларимизга қарамасдан баъзи ҳайдовчи ва пиёдалар йўл ҳаракати иштирокчиси эканлигини унутиб қўйишмоқда.

   Жорий йилнинг 9 март куни соат 20 00 лар атрофида Хонқа туманидаги “Гулистон” маҳалласида яшовчи К. Шаҳзод тоғаси номида бўлган “Нексия” русумли 90 С 787 АА давлат рақам белгили автомашинани 4Р-156 автомобиль йўлининг 11-километрида бошқариб бораётиб, маст ҳолда йўлни кесиб ўтаётган тумандаги “Истиқлол” маҳалласида яшовчи А. Мансурни уриб юборади. Содир этилган йўл-транспорти ҳодисаси натижасида пиёда оғир тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасида вафот этади.

   Йўл транспорти билан боғлиқ бўлган бундай мисолларни яна давом қилдиришимиз мумкин.

   Бу каби нохуш ҳолатлар содир бўлмаслиги учун йўлга чиққан ҳар бир фуқаро ҳаракат иштирокчиси эканлигини унутмаслиги, белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилмоғи лозим.

                            

                                                                            Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                   “Postda” мухбири

Text to speech