15 Апрел 2021 йил 991

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлиги” давом этмоқда

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорти билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 15 мартидан 15 апрелига қадар мамлакатимиз худудида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлиги” давом этмоқда. 

Хоразм вилояти худудида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлиги”нинг ўтган даври мобайнида 20 минг 902 та йўл ҳаракати билан боғлиқ бўлган қоидабузарликлар аниқланди. Шундан 6 минг 278 таси қўпол, 253 таси маст, 1348 таси носоз автомобилдан фойдаланиш, 1596 таси қувиб ўтиш, 4044 таси йўл белгиларига риоя этмаслик, 171 таси светафор ишорасига амал қилмаслик, 1363 таси одам ташиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарликлардир. Йўл транспорти ҳодисаларининг аксарияти ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузаётгани оқибатида юзага келаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини маст ҳолда бошқараётгани, тезликни меъёр талабларидан ошириши, йўл белгиларига амал қилмаслик бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Оғир оқибатли йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказиляпти. Бунда вилоят ички ишлар органларида амалиёт машғулотларини ўтаётган ИИВ академияси 4 - курс курсантлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

-Хизмат пайтидаги ҳар бир жараён биз курсантлар учун жуда муҳим аҳамиятга эгадир,-дейди ИИВ академияси 3-курс курсанти Умарбек Рўзметов.-Шу боис, ўтказилаётган амалиёт машғулотларида фаол иштирок этишга астойдил ҳаракат қилаяпмиз. Бунда қоидабузарликларни аниқлаш ва расмийлаштириш, ҳар қандай вазиятда тўғри ва аниқ қарор қабул қилиш, шунингдек, ҳайдовчи ва ЙПХ инспектори ўртасидаги муомала маданиятига алоҳида эътибор бериляпти. Шунингдек, автокорхоналарда, ўқув муассасаларида ўтказилаётган тарғибот тадбирларида, йўл транспорти ҳодисаси муҳокамаларида бевосита иштирок этаяпмиз. Бундай тадбирлар келгусидаги хизмат фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. 

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқараётган ҳамда қўпол қоидабузарликларни сурункали равишда давом эттираётган ҳайдовчиларга нисбатан кўрилаётган чораларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида суд ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Қолаверса, бундай масъулиятсиз ҳайдовчилар маҳалла фуқаролар йиғинлари биносида фаоллар иштирокида муҳокама қилинмоқда. 

Йўловчи ташишга мўлжалланган транспорт воситаларининг сони йил сайин ортиб бормоқда. Улар турли ташкилот ҳамда уюшмаларга аъзо бўлиб, белгиланган қатнов йўналишларида ҳаракатланишяпти. Тадбир давомида ушбу масалага ҳам алоҳида эътибор берилиб, уларнинг фаолияти синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда ва қоидабузарлик содир этаётган ҳайдовчилар маъмурий тартибда жавобгарликка тортилмоқда.

Тадбир давомида болалар билан боғлиқ бўлган йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида ўқув муассасаларида 198 маротаба учрашув ва давра суҳбатлари, йўл ҳаракати билан боғлиқ бўлган турли маданий тадбирлар ўтказилди. Бунда асосий эътибор оғир оқибатли йўл транспорти ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларига қаратилмоқда ва бундай мудҳиш воқеалар тадбир иштирокчилари билан атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Автомобил йўлларининг талаб даражасида таъмирланиши йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, вилоят худудидаги автомобил йўлларини ҳамда пиёдалар йўлакчаларини кўрикдан ўтказиб, бу юзадан аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга тақдимномалар юборилмоқда ва уларнинг ижроси қатъий назоратга олинган. Шунингдек, тадбир давомида эскирган ҳамда яроқсиз ҳолга келиб қолган йўл белгиларини таъмирлаш ҳамда янгисига алмаштириш ишлари ҳам узлуксиз давом этаяпти.      

Кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилаётган бундай тадбирлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорти билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда ижобий самара бераяпти.

 

                                                                        Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                              “Postda” мухбири.

Text to speech