Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти танқидий муҳокама қилинди
Инсон тафаккурининг махсули бўлган автомототранспорт воситаларининг кундалик ҳаётимизда тутган ўрни беқиёс. Шу билан биргаликда автомототранспорт воситаларидан фойдаланишда белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилмаслик инсонлар учун фожеали ташвишларни ҳам келтирмоқда.
Ҳар йили дунёда йўл-транспорт ҳодисалари натижаси ҳалок бўлаётган ёки ногирон бўлиб қолаётган инсонлар сони бир неча миллионни ташкил этиши ҳеч кимга сир эмас.
Шу боис транспорт воситаларининг сони кун сайин ортиб бораётган хозирги даврда уларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозим бўлади.
Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов вилоят ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва бошқа масъул ходимлар иштирокида ўтказилган мазкур йиғилишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш хизматининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди.
Хусусан, транспорт воситаларининг сони ортиб бораётганлигидан келиб чиққан ҳолда соҳага инновацион технологияларни жалб этиш масаласига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги, тизим раҳбарларининг қўл остида ходимлар устидан назоратни сусайтирганлиги, тарғибот ва ташвиқот ишларининг таъсирчанлиги етишмаётганлиги каби омиллар вилоятда сўнгги кунларда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишида асосий сабаб эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Йиғилиш якунида ўз хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашмаган ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати