Карантин қоидалари кучайтирилиши муносабати билан тарғибот-ташвиқот ва рейд тадбирлари олиб борилмоқда
Маълумки, Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг жорий йил 25 июндаги қарорига асосан 28 июндан бошлаб мамлакатимизда карантин қоидалари кучайтирилди.
Янги тартибга кўра жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилиб, бунда, кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Хоразм вилояти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб вилоятдаги барча кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарда профилактик огохлантирув ва рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Шунингдек коронавирус инфекцияси билан касалланиб, уй шароитда даволанаётган фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилишлари ҳам доимий назоратга олинган.
Профилактик чора-тадбирларга қарамасдан карантин қоидаларини қўпол равишда бузган фуқаролар ва мансабдор шахслар қонунчиликда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилиши таъминланмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати