Китоб –бебаҳо хазина
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши вакиллари ИИВ Хоразм академик лицейида бўлиб, ўқувчи ва педагоглар билан учрашишди, бу ерда яратилган шароит билан танишишди. Лицейда ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ўқув-методик хоналарининг ташкил этилгани, ҳар бир ўқув хоналари кўргазмали қуроллар ҳамда стендлар билан таъминлангани, қолаверса, ўқувчиларнинг турли ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини шакллантириш, жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти бўйича тасаввурларини ҳосил қилишга алоҳида эътибор қаратилгани меҳмонларда яхши таассурот қолдирди.
Учрашувда Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши томонидан лицей кутубхонасига 15 миллион сўмлик 846 дона бадиий ва оммабоп китоблар совға қилинди.
– Китоб – хазиналар калити, тафаккур чироғидир, – дейди ИИВ Хоразм академик лицейи директори, подполковник Рўзибой Машарипов. – Уни инсон тафаккурининг қанотига қиёслаш мумкин. Зеро, тафаккури бой, дунёқараши кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам фидойилари, қудратли кучидир. Албатта, ушбу китобларни ўқиган ёшлар ҳам келажакда фидойи инсонлар бўлиб камолга етади. Юртимизга, халқимизга ҳалол хизмат қилишади.
Элёрбек МАТЁҚУБОВ,
ИИВ Хоразм академик лицейи директори
ўринбосари