9 Декабр 2020 йил 879

Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиздир

Коррупция нима? - Илмий адабиётларда унга қуйидагича таъриф берилади: ”Коррупция—шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”.

Коррупция атамаси лотинча “ОРРУПТИО” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Барчамизга маълумки, ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир. Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир. Бизнинг давлатимиз коррупциянинг олдини олиш ва унинг илдизларига барҳам бериш мақсадида кўпгина тадбирларни амалга оширмоқда.     Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Ҳаммамиз яхши биламиз, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради.

Президентимиз 2018 йил декабрь ойида Конституция куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт” деб таъкидлаб ўтганлар.

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари тизимлари шахсий таркиб орасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, жумладан қонунчилик, хизмат интизоми, одоб-ахлоқ қоидалари ва ички тартибга риоя этилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиб, Ўзбекистон Республикасининг   2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларининг мазмун-моҳияти тушунтириб борилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунё давлатларида жамият ривожига ғов бўлаётган коррупция хавфига қарши курашишни таъминлашга қаратилган бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан:

– Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси (Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь);

– Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 27 январь);

– Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь) ва мазкур Конвенцияга қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил 15 май);

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрь) ва бошқалар қабул қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланмоқда. Ушбу кунда БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”ни тан олган, аъзоси ҳисобланган давлатларда турли тадбирлар ва акциялар уюштирилади, плакат ва варақалар чоп этилади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш масаласидаги ахборотлар фаоллашади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.

Демак, биз коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

Хоразм вилояти ИИБ Ташкилий бошқарма

юридик таъминлаш бўлими бошлиғи

подполковник О. Жаббаров

Text to speech