23 Апрел 2021 йил 509

Кун қаҳрамони: майор Мадина Ҳимматова

Ички ишлар органларида 2009 йилдан бери хизмат қилади. 2019 йилдан буён Урганч тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимида фаолият олиб бормоқда. 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, шунингдек, бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда бириктирилган ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ўз қобилият ва маҳоратларини намоён эта олиши учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича мақсадли ишларни амалга оширяпмиз, – дейди майор М.Ҳимматова. – Жорий йил бошидан буён 14 нафар хотин-қизга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди, 9 нафари ишга жойлаштирилди. 95 нафар аёлга ҳимоя ордерлари берилди. Шу билан бирга, зўравонлик қилишга мойил бўлган шахслар билан тегишли ишлар олиб борилмоқда. 

Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга Уйшин маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Я.нинг оиласида юзага келган мушкул ахлоқий-руҳий вазият ҳақида маълумот келиб тушди. Аниқланишича, аёлнинг турмуш ўртоғи унга доимий равишда руҳий босим ўтказиб, тажовузкорлик ҳаракатларини намойиш этган. Майор М.Ҳимматова оиладаги вазиятни ўрганиб чиқди. Зудлик билан чоралар кўрилиб, эркак учун тегишли чекловлар белгиланди, рафиқасига эса ҳимоя ордери берилди. Бундан ташқари, профилактика инспектори билан бирга профилактик ишлар давом эттирилди. Натижада эр бундан тегишли хулоса чиқариб, ўз хатти-ҳаракатларини тузатди. 

Радик Тумпаров, «На посту» мухбири.

Text to speech