Кун тартибида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш масаласи
Хоразм вилояти ИИБ да ўтказилган навбатдаги йиғилиш кун тартибидан вилоят ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўрин олди.
Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Кадрлар бошқармаси бошлиғи подполковник А.Т.Рахманов кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиқиб, айни кунларда вилоят ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этишнинг асосий вазифаларига тўхталиб ўтди.
Жумладан, ходимларнинг касбий тайёргарлигини кўтариш, жисмонан ва маънан етук, билимли, ҳалол, ватанпарвар, мард ва жасур этиб тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, она Ватан тақдирига бўлган масъулиятини ошириш ҳамда ғоявий ва турли ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини садоқат ва фидойилик билан виждонан бажаришга йўналтириш энг долзарб масала эканлиги ва ушбу меъёрларни таъминлаш учун амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек йиғилишда иштирок этган вилоят ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Р.Раҳимов ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирларни юқори баҳолаб, ички ишлар органи ходими ҳар қандай шароитда давлат ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган, миллий қадриятларга содиқ, умуминсоний қадриятларга таянадиган, ёт ва бузғунчи ғояларга муросасиз курашувчи, иймон-эътиқоди ва иродаси мустаҳкам, маънавиятли ва фидойи, аждодларимиз ва мардлик кўрсатиб ҳалок бўлган ходимларнинг бебаҳо меросига таяниб яшайдиган, қалбида давлат ва халқимизнинг хавфсизлигини таъминлашда шахсий дахлдорлик ва юқори масъулият ҳисси шаклланиши лозимлигини уқтириб ўтди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати