Маънавий-маърифий тафаккурни юксалтиришга қаратилган тадбирлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5050-сон Қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” бугунги кунда ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган барча ходимларнинг умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига нисбатан садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш билан боғлиқ вазифаларни амалга оширишда мукаммал дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Юқоридаги қарор ижросини таъминлаш ҳамда ходимларнинг маънавий-маърифий тафаккурини юксалтириш мақсадида Хоразм вилояти ички ишлар органларида турли тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Хива шаҳар ва Хива тумани ИИБ раҳбарияти томонидан ташкил этилган навбатдаги тадбир доирасида ходимларнинг Хива шаҳридаги “Қўғирчоқ театри” ва “Ичан қалъа” музей қўриқхонасига саёҳати уюштирилди.
“Қўғирчоқ театри”нинг маҳоратли актёрлари томонидан ижро этилган Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини акс эттирган саҳна кўриниши ходимларнинг адиб ижодига бўлган қизиқишини янада орттирган бўлса, Паҳлавон Махмуд мақбарасини зиёрат қилган ходимлар ўзларига юксак маънавий куч олдилар.
Албатта, ўтказилаётган бу каби тадбирлар фуқароларнинг тинчлиги ва мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қарши курашишда ўз жонини аямайдиган, ватанпарварлик, фидойилик, садоқат ва ҳалоллик фазилатларига эга ходимларни шакллантириши шубҳасиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати