16 Сентябр 2021 йил 639

Мурожаатлар билан ишлаш масаласида семинар-тренинг бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2021 йилга мўлжалланган фаолият дастурига мувофиқ ички ишлар органлари ходимларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими С.Мамадиев, Ўзбекистон Республикаси ИИВ мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси ходими подполковник Ш.Қуйчиев, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник А.Пўлатов, ички ишлар органларининг мурожаатлар билан ишлашга масъул бўлган ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонаси ходимлари иштирок этишди.

Семинар-тренинг давомида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонасига тушаётган ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар ҳақида алоҳида тўхталиб, уларни ҳал этиш жараёнида учраб турган айрим камчиликлар ҳамда бартараф этиш йўллари ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.

Айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тергов, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишларидаги мурожаатлар таҳлил этилиб, такрорий мурожаатлар қилишга зарурат туғдирмаслик, бунинг учун ҳар бир мурожаатга дастлабки босқичдаёқ жиддий эътибор қаратиш ва масъулият билан ёндашиш бўйича зарур тавсиялар, маслаҳатлар берилди.

Семинар-тренингда мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланиб, мавзуга оид саволлари юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech