Натижалар сарҳисоб қилинди
Хоразм вилояти ИИБда ички ишлар органлари Пробация хизматининг жорий йил биринчи чораги якунига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Бунда вилоят ИИБ Пробация бўлими ҳамда унинг ҳудудий гуруҳлари масъул ходимлари иштирок этишди.
Йиғилишда вилоят ИИБ Пробация бўлими бошлиғи, подполковник Мансур Ражапов сўзга чиқиб, чорак мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Шунингдек, йиғилишда шаҳар ва туман ички ишлар органлари Пробация гуруҳлари хизмат фаолияти ҳам алоҳида таҳлил қилинди.
Йиғилишда ИИВ ЖИЭББ ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи, полковник Маҳамадали Исмоилов иштирок этиб, мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилаётганига тўхталиб ўтди.
Тадбирда пробация назорати остида турган маҳкумларнинг муаммоларини аниқлаш, уларни қийнаётган масалаларни синчковлик билан ўрганиш ва амалий ёрдам бериш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, улар томонидан такроран жиноят содир этилишининг барвақт олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, биринчи чорак давомида вилоят ички ишлар органлари Пробация хизмати ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар алоҳида таҳлил қилиниб, мазкур йўналишлар бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Сарҳисоб натижаларига кўра, хизмат вазифасини бажаришга масъулият билан ёндошган ҳамда ижобий кўрсатгичларга эришган бир гуруҳ ходимларга миннатдорлик билдирилди. Аксинча, хизмат жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларнинг келгусидаги иш фаолияти доимий назоратга олиниши ҳамда белгиланган тартибда жазоланиши ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.