Ўқувчилар соғлиғини асраш барчамизнинг бурчимиздир
Пандемия сабабли эълон қилинган карантин чоралари бир карра юмшатилиб, деярли олти ойлик танаффусдан кейин умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланди.
Карантин чоралари юмшатилган бўлсада, коронавирус инфекцияси тарқатилишига батамом чек қўйилмаганлиги боис, таълим муассасаларида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади.
Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразм вилоятидаги ўқув жараёнлари бошланган барча умумтаълим мактабларида карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлашда ички ишлар органларининг ҳудудий профилактика инспекторлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Профилактика инспекторлари жараёнларни назорат қилиш билан чекланиб қолмасдан, ўқувчиларга синф хоналарида ўтириш, йўлакларда ҳаракатланиш ва бинога кириш-чиқиш пайтида тирбандликка йўл қўймаслик ҳамда санитария-гигиена воситаларидан тўғри фойдаланиш тартиб-қоидаларини ҳам тушунтирмоқдалар.
Дарҳақиқат боланинг бегонаси бўлмайди, уларнинг соғлиғи ва порлоқ келажаги учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати